Биби Робия: МАЛИКАНИНГ ҚАЙТИШИ (Ҳикоя)

Саидова Биби Робия 1991-йилда туғилган. Узбекистон Миллий университети ўзбек филологияси факултетини тамомлаган. "Ўзбекистон баҳори" ижод фестивали, наср йўналиши ғолиби. "Парвоз", "Ақл ва руҳ бахси" китоблари муаллифи.

 

МАЛИКАНИНГ ҚАЙТИШИ
Ҳикоя

 Ёнида дадаси билан онасининг йўқлигини кўргач, каровотдан эҳтиёткорлик билан тушиб эшикка қараб юрди.
–    Дадў-ў-в.
–    Ия, дадиш қизи уйғонибди-ку. Қани, келсин-келсин. Энди битта оппа қилайлик-чи.
Хадича отасининг бўйнидан маҳкам қучоқлаб олди. Ота қизини ҳар бағрига босганида юраги жажжи  юракнинг уришига қулоқ тутар ва завқланиб бутун вужудига айтиб берарди.
    – Оҳ-оҳ-оҳ. Ҳар куни кузатиб қўядиган меҳрибоним мани, – бугун маош олиши ёдига тушиб, – хўш, сенга нима олиб келай? – деди.  Аммо аёлининг ҳайрат қалққан нигоҳидан ижара пули ёдига тушди. Берган саволининг тирноғи бор эди, ичини тирнади. Жавобдан қўрқди –  елиб келаётган мошина ҳозир уни босиб кетадигандек ҳис қилди ўзини. Қизи бу саволни биринчи маротаба эшитаётганди, тушунмай гоҳ онасига, гоҳ дадасига жовдираб боқди. 
– Дадў-ў-в. Бугун қуёс бой пайти келинг. Мен малика бўламан, сиз тахтимга чиқаясиз.  Кейин эйтак айтиб беясиз.
Ибратнинг иложсизлик титратган вужуди кутган жавобнинг йўқлигидан таскин топди.
–    Елкангизга чиқаравериб ўргатиб қўйдингиз-да. Овқат пайтида ҳам тахтимга чиқаман деб, сизни тинч қўймаяпти. 
–    Тўғри-да, маликаларга мос муносабатда бўлиш керак.
–    Бўлди, келақол қизим, дадажон ишга кеч қолмасинлар.
–    Дадў-ў-в, – деб Хадича отасини яна бир маҳкам қучоқлади-да, онаси томонга интилди. 
–    Хўп, майли. Яхши ўтиринглар. Хайр қизим, мени кутгил ва мен қайтарман.
Пайтдан фойдаланган ғашлик барча кўч-кўронини олиб Ибратнинг юрагига ўрнашиб олди. У борган сари оғирлашиб борарди. Бекатга базўр етиб олди. “Қизим бечора, бошқа болаларга ўхшаб “менга нима олиб келасиз?” демайди. Келганимда, кетаётганимда фақат бағримга отилади. Ҳаётни эркалашларимизу эртаклардан иборат деб ўйласа керак... Уҳ, қанақа ота бўлдим-а,  қизимга бирор нарса олиб беролмасам. Фақат ижара пули, ижара пули. Устига-устак у қурғур маошдан катта...”. Шу хаёллар оғушида осмоннинг кўз ёшларини темир қошлари билан артиб келаётган таниш автобусга чиқди. Кимга қарамасин ҳамманинг нигоҳида “нима олиб келай” деганида қизининг ҳайрат ила боққан нигоҳлари балқиб тургандек туюлаверарди. Ўзини жазога лойиқ инсондай ҳис этди. Кимдандир гап эшитгиси, кимдандир калтак егиси келди. Топди: ишга кечикиброқ борса, иззатталаб бошлиғи бу хоҳишини рўёбга чиқаради. Талабалик пайтларидан кўнгил ёрадиган  сирдоши бўлган бобоси ёдига тушди ва кейинги бекатда тушиб қолди. 
Қўлини шаҳд билан кўтарган, юзида қатъият, ишонч балқиб турган бобосининг ҳайбатли жуссасига яқинлашди. Юзларига, қўлларига, минган отига узоқ тикилди.
– Эҳ, Темур бобо, дардлашгани яна келдим. Сиз бутун бир салтанатни бошқаргансиз, мен эса битта оилани тебрата олмаяпман. Бечора аёлим ойлаб гўшт нима эканлигини билмайди, билмаганини билдирмайди ҳам. Қишлоқдан жўнатишган олмақоқию, туршаклар, қоқ нонлар билан ўзини алдайди, яхшисини эса бизларга асрайди. Юзидаги қон ҳам бу йўқчиликка чидай олмай қочиб кетяпти. Эҳ, Гулюзим, гул юзим. Ҳеч қурса, менга уни олиб бермаяпсан, буни егим келяпти, қўлим пул кўрмаяпти деб таъна қилсанг, жанжал кўтарсанг бўлмайдими? Шунда сал енгил тортардим. Сен эса буюк азобни раво кўрасан – виждоним билан ёлғиз қолдирасан. Қизим ҳам сенга ўхшаб боряпти...уҳ, нима қилай, бобо? Сиз ҳам жимсиз...
Ишхонадан гап эшитишга етарлича фурсат ўтди. Пиёда етиб борса, яна нур устига нур. 
– Э, қонунни бузса бўларкан-ку, мулла Ибратулло. Лекин хавотирланманг, бошлиқ билганлари йўқ, - деб кутиб олди шериги.
Ибрат ҳамкасбининг кўзларига тикилди, “Менда ҳам қачонлардир шундай кайфият бўлармикан? Ҳам хаёл, ҳам кўнгил, ҳам қорин тўқ. Юз хотиржам, қувноқ, ташвиш йўқ” деган ўй ўтди.
–    Ҳа, мулла дўст, бугун сал ғалатироқмисиз? Менга уйингизни ўмарган ўғридай қараяпсиз?
Хуррамбек кўзларида  маъюслик қалқиб тургувчи Ибратни доим кулдиришга ҳаракат қилар, унга ва ижодига ич-ичидан ҳурмати чексиз эди.
Ибрат саволга жавоб бермади. Унинг хаёл дарёсида бошқа фикрлар сузиб юрарди: “Оббо, ҳар эрталаб қўйларни санагандай ходимларини санаб кетадиган бошлиққа келиб-келиб бугун нима жин урди экан-а? Барибир бир иложини қилишим керак. Бўлмаса бу ғашлик мени адо қилади”. Хонасидан чиқиб тўғри бошлиқнинг олдига кирди.
–    Хўш, нима гап? – деди бошлиқ кўзини уймаланиб ётган ҳужатлардан олмай.
–    Нусрат Самадович, ҳалиги...ишга ҳозир келдим. Кечикиб қолдим-да.
–    Хўш, бошқа такрорланмасин. Ишим кўп, яна гапингиз бўлмаса рухсат.
Бу суҳбатнинг гувоҳи бўлган ғашлик Ибратнинг устидан қаҳ-қаҳлаб кулди. Кечикканларни соатлаб уришиб маъруза ўқийдигин хўжайиндан ҳам иш чиқмади. Хонасига қайтди. Шеригининг юрагига тегадиган гап айтиб, ғижжиллашмоқчи бўлди-ю, аммо бировнинг дилини оғритмаслик керак, деб ўргатилган тарбия бунга йўл қўймади. 
–    Дарвоқе, мулла Ибратулло. Жиринг-жиринг, мулла жиринг беришяпти. Ҳисобчига учранг.
Эрталабдан бери юрагини исканжасига олган душмани билан кўришадиган фурсат етди. Бориб маошини олди. На ўзига, на хотинига, на фарзандига таътимайдиган пулларни қаттиқ қисди ва уларга қашшоқлик тамғасини босаётган ҳам мана шу қоғозлар эканидан ғазабланиб столга улоқтириб юборди.
–    Ибратилла, тузукмисиз? Нима бўлди? Бояги гапларимдан ранжидингизми ё?.. Биласиз-ку, сизга ҳурматим баланд. Ўткир қаламингиз бор. Бошингиз кўтариб юришга арзийди.  Меникини қаранг, дум-дум, – деб хохолади. Ибратнинг ўйга чўмган нигоҳларида ўзгариш кўрмагач, ҳамдардлик билан деди: – Ёрдам керак бўлса айтаверинг, тортинманг.
Ибрат қилган қилиғини нима деб оқлашни билмай, “шунчаки ўзим” деб табассум қилишга уринди.
Вақт ҳам оғироёқ аёлдай имиллаб ўтди. Булутга ёнбошлаган қуёш уни қизининг ёнига элтиш учун кута-кута кетиб қолди. Лаҳзалар бугунни симириб тугатди. Оёқлар мажолсиз танани таниш йўллар сари судради. Ўша кўчалар, ўша дарахтлар, ўша дўкон. 
–    Уф, дадаси. Бунча зиқнасиз, бира тўласи беш кило гўшт олсак бўларди. Биласиз-ку, ўғлингиз гўштхўр. Индинга яна дўконга чиқиб ўтирмасдик.
Қулоғига киришга улгуриб қолган бу тантиқ сўзлар Ибратни тўхтатди. Аравачадан қаппайган қатор тўрхалталарни мошина юкхонасига жойлаётган гавдали кишининг ёнида ёноқлари, лаблари, тирноқлари қип-қизил ёш жувон чиройли товуснинг овози билан жаврарди. Ибрат уларга бир оз тикилиб турди, сўнг “Э, жин урсин ижарасини ҳам”, деди-да шаҳд билан дўконга кириб кетди. Кўп ўтмай қўлида учта тўрхалта, юзида табассум билан қайтиб чиқди. Энди қадамлари енгил, уйи томон парвоз этар, атрофга биринчи маротаба кўраётгандек завқланиб боқар, энг асосийси, юрагидаги ғашлик ғойиб бўлганди. Айниқса, олган банани  хотинини қай аҳволга туширишини ўйлаб янада қувонди.
Қўнғироқ чалинди. Гулюз одатдагидай беғам аёл каби табассум билан эшикни очди.
–    Мана сенга олам-олам гул. Буларни кўриб ҳушингдан кетиб қолма яна. Ойлик олгандим, – дея Ибрат бозорликларини намойиш қилиб турган икки қўлини баланд кўтарди.
Гулюз илон чаққандай чинқириб юборди ва боласи уйғонмаслиги учун йиғисини қучоқлаганча ошхонага югургилади. Ибрат қўрқиб кетди:
–    Нима гап? Қаеринг оғрияпти?
–    Ахир... нималар қилиб қўйдингиз, дадаси?..
–    Нима қилдим? Тушунтириброқ гапирсанг-чи!
–    Ахир... ахир шу ойлигингизни кутиб ўтиргандик-ку. Қизимизга дориларини олишимиз керак эди. Аҳволи ёмонлашяпти. Бу ёқда ижарачи хотин... – деди йиғламсираб.
–    Жин урсин, нима эсимдан чиқди дедим-а. Сен ҳам ҳар куни эслатиб турсанг бўлмайдими? Ахир калламда мингта хаёл. Майли, қолганига олиб келаман. Рўйхатни бер. Эшикни қулфлаб қол, – деди-да кўчага отилди. 
Кўча бошидаги дорихона бахтига ҳали очиқ экан.
–    Яхшимисиз, мана бу дорилар борми?
–    Хўш, учтаси бор, қолган иккитаси йўқ. Биринчиси ампула, 86 000 сўмдан. Битта қутида бешта бўлади. Кун ора бир ой олишингиз керак экан. Сизга учта қути етади.
–    Ҳозирча бир қути ола қолай.
–    Хўп, мана, – сотувчининг бармоқлари  калкулятор тугмалари устида югурди, – 430 000 бўларкан. Иккинчиси...
–    Шошманг-шошманг. Ҳозиргина 86 000 дедингиз-ку.
–    Мен донасини айтдим, ака. 
–    Шу уч-тўрт томчи чиқадиган нарса шунчами?
–    Хафа бўлманг-у, қолган дориларингиз бунданам қиммат.
Ибрат аламзадаликдан бозорлик қилгани учун, қизининг аҳволини унутгани учун ўзини лаънатлади. Сўнг вақтинча уч дона олиб туришга қарор қилди. Дорихоначи йигит қолган яна иккита дорини ҳам хомчўт қилиб берди. Кутилмаган бу нархлар Ибратнинг юрагига тиғдек санчилди. Қўл-оёғи кесиб ташлангандек ҳис қилди ўзини. Пуллари бошқа дорилардан иккита донадан олишгагина етди. Чўнтаги дарров ҳувиллаб қолганидан хўрсиниб қўйди. 
–    Ака, булар оғир касалликка қарши дорилар. Шунинг учун қимматроқ-да, – Йигит рўпарасидаги кишини чорасиз аҳволга солгани учун ўзини айбдордек ҳис қилди. – Кимингиз касал эди?
Ибрат кўзларида инжиқлик қилиб ташқарига интилаётган ёшларини қошини чимириб орқага қайтарди. Бир ютиниб қўйди-да:
–    Қизим, – деди оҳиста ва эшик томонга йўналди.
Йигит дориларнинг  нархлари белгиланган қоғозга дарров бир нималар ёзди-да:
–    Ака, ака! Тўхтанг. Мана бу юз мингингизни олиб қўйинг, – деди шоша-пиша пулни узатиб.
–    Садақангизга зор эмасман, ука! – деди жаҳл билан Ибрат. 
–    Йўқ, тушунмадингиз, ака. Боя сизга эски нарх бўйича айтиб юборибман, мана бу устидан чизиб ёзилганлари арзонлаштирилган янги нархлар. Ишонмасангиз, мана кўринг.
Ибрат ишонқирамай яқинлашди. Гоҳ қоғозга, гоҳ йигитга қаради. Жойига қайтишга интилиб турган пулларни иккиланибгина олди.
–    Айбга буюрмайсиз, ака. Эрталабдан буён одам. Бош ҳам шишган, адаштириб юборибман. Бу пулга бошқа дорисини сотиб олишингиз мумкин. Майли, Аллоҳ шифо берсин.
–    Раҳмат, ука, – Ибрат ожизлигини судраганча ташқари чиқди. 
“Энди қайси дорихонага борсам экан? Айтганча, уч бекатча нарида бор эди-я. Ёпилиб қолмасидан улгурай”. У хаёлидан-да илдамроқ югургилаб кетди. Аҳён-аҳёнда нафас ростламоқчи бўлар, аммо қулоғига қизалоғининг оғриқли йўтали эшитилар ва яна югурарди. Бир алпозда дорихонага кирди.
–    Мана бу дориларингиз борми?
–    Рўйхатнинг охиридагиси бор, буниси йўқ. 120 000 сўм.
–    Жон ака, 100 000 га беринг. Кейинроқ қолганини ташлаб кетаман... 
–    Менга қара, ичиволганмисан? Бу санга бозормас савдолашадиган. Ололмасанг туёғингни шиқиллат. 
Ғурури Ибратни ташқарига итариб юборди. Тиши-тишига босилди... Ёнидан ўтиб кетаётган қиздан яна қаерда дорихона борлигини сўради. У сал наридаги кўча ичкарисини кўрсатди. Ибрат нажот эшиги томон интилди. Кексаликни опичлаб олган кўзойнакли аёл изланган дори борлигини айтди. Ибрат ичида аввал Худони ёрдамга чақирди-да, кейин нархини сўради.
–    93 000 сўм.
Қулоқларига ишонмай қайта сўрамоқчи бўлдию, аммо нимадандир чўчиди.
–    Болам, бунисини кўп қидирасизов. Интернетдан излаб кўринг. Ҳам қиммат, ҳам камёб дори, топилиши қийин.
“Ҳозир барибир етмайди. Эртага Хуррамбекка илтимос қиламан, интернетни яхши тушунади. Пул ҳам топарман. Ҳозирча шуларни тезроқ бериб турайлик”. У маликасининг олдига шамолдек елиб кетди.
Гулюз эшикни очди. Ибратнинг юзидаги тер томчилари ҳам ҳансираётгандек эди. У ичкари кирди.
–    Дарров қўшнини чақир, уколини қилиб қўйсин. Шунча кун ютқазганимиз етади. Дориларини ҳам ичиришни бошла. 
Отасининг овозини эшитиб ичкари хонадан Хадича қичқирди:
–    Дадў-ў-в, дадў-ў-в.
Уч-тўрт қадам ташладию мажоли етмай ўтириб қолди. Ибрат кириб қизини кўтариб олди. Бағрига маҳкам босди. Юзини юзига қўйиб, кўзларини юмди. 
–    Ия, маликам, бир қошиқ қонимдан кечинг. Тахтингизга чиқариш ёдимдан кўтарилибди, – деб елкасига миндириб, аёлининг олдига олиб борди, – қани тезда ҳазрати олияларига таъзим бажо келтир.
Хадича қиқирлаб кулар, йўтал эса шу ширин кулгудан айримларини ўғирлаб оларди. 
–    Аввал бир шартим бор. Маликамиз мана бу доридан ичсинлар. Хоппа, мана бўлди, – деб астойидил таъзим қилди. – Ҳазрати олиялари ва қирол ҳазратлари, энди дастурхонга марҳамат қилинглар. 
Дастурхон аввалги кунларга нисбатан бағри тўлароқ бўлгани учун керилиб ётарди. 
–    Дадў-ў-в, – Хадича тахтидан тушиб столга яқинлашди, – бу нима? – Йўтал ҳам ўша нарсага қизиқиб яна келди. Ибрат қизини тиззасига олди-да пиёладаги сутни ўзи ичира бошлади.
–    Бу банан, қизим. Маймунчаларнинг севимли меваси.  Сут ичиб бўлгин, еб кўрамиз, хўпми?
–    Йўқ, – бурнини жийирди қизи, – маймунлайни найсасини емайман. Манам маймунга айланиб қояман.
Эр-хотин бир-бирларига қараб мириқиб кулишди.
–    Маймунлар ҳам сут ичади, сен ҳам ичяпсан. Лекин мана ўзгарганинг йўқ-ку. Кел, бўлмаса бундай қиламиз. Биринчи онангга едирамиз, агар маймунга айланмаса, кейин сен ейсан. Келишдикми? – деб бананнинг ярмини хотинига мажбурлаб едирди. Хадича онасини қутқариб қолмоқчи бўлгандай қаттиқ қучоқлаб олди. Волидасининг кўзларига қараб-қараб турди. Ўзгариш йўқ. Қолган ярмини бурнига яқин келтириб ҳидлаб кўрди, тилини бир-икки теккизиб озгина тишлади. Секин-аста қолганини еб қўйди. Бирданига дадасига ялт этиб қаради:
–    Дадў-ў-в, сизга қолмади-ку
–    Нималар деяпсиз, маликам? Мен ҳар куни ишхонада ейман, – деди дадаси маъюс жилмайиб турган хотинига қарамай. 
Дастурхонга дуо қилишлари биланоқ, қўшни хотин чиқиб эмлаб кетди. Бир умр кўтаришга тайёр қўллар Хадичани жойига оҳиста ётқизди. 
–    Дадў-ў-в, анави эйтакни айтиб бейинг, – деди Хадича соғинган инсонини кутгандай кўзлари ёниб.
Отаси қизи такрор-такрор эшитишни хоҳлайдиган эртагини бошлади:
    – Бир бор экан, бир йўқ экан. Қадим эмас, яқин замонда ақлли, қувноқ бир қизча бўлган экан. У дадаси билан онасини жуда ҳам яхши кўрар экан. Одамларга ҳам меҳрибон қиз экан. Онаси унга мазали овқатлар пишириб бераркан. Дадаси  эса унга китоблар, ўйинчоқлар олиб келаркан, боғларда сайр қилдирар экан. Кунлардан бир куни қизча кўчада ўйнаб уйига кирса, бурчакда дадаси билан онаси хафа бўлиб ўтиришган экан. Нима бўлганини сўраш учун ёнларига яқинлашибди. Қараса, уларнинг сочларига оқ тушган, юзларига ҳам ажин ўрмалаган экан. 
–     Дадў-ў-в, ажин мана буми? – Хадича юзларини буриштириб кўрсатди. Ибрат табассум билан унинг ялтираб турган пешонасидан ўпди. 
–    Ҳа, эсингда экан. Кейин қизча уларни юпатибди. Ёшликларини қайтариб олиб келишга ваъда  бериб, уйидан чиқиб кетибди. Орадан кунлар, кунлар кетидан тунлар ўтиб ўша қизча гўзал маликага айланиб қайтиб келибди. Ёнида катта кўзгу ҳам бор экан. Кўзгуни аввал онасига, сўнг отасига қаратибди. Бирданига онаси аввалги ёш, келишган ҳолатига, дадаси бақувват, кўркам қиёфага кирибди. Кейин улар узоқ йиллар бахтли-саодатли, шод-хуррам ҳаёт кечиришибди.
–     Дадў-ў-в, дадў-ў-в, – отасининг енгидан тортди Хадича. – Ўса қизчанинг оти нима? 
Бу савол биринчи маротаба берилиши эди. Ибрат қизининг кулиб турган нигоҳларида катта бир илинж балқиб турганини кўрди. 
–    У қизчанинг исми Хадича эди. Ўша малика сенсан қизим! 
–    Уййе, – қизча қувонганидан чапак чалиб юборди. Аммо чапакдан кўра йўтали баландроқ эшитилди. – Ойии, ойии, эситтизми? У мен эканман. Мунча катта бўлай, мен ҳам малика бўб қайтиб келаман. Фақат кўжгу билан бийга кўпала банан ҳам опкеламан силайга. 
–    Ҳечамда. Ҳеч қаерга кетмайсан. Чунки ҳозир ҳам маликасан, бизнинг маликамиз. Бизга ҳеч нарса керак эмас. 
Айтилаётган сўзлар Хадичанинг қулоғига киролмай ҳалак бўлар, кўзлари шифтга қадалган, хаёллари эса уни аллақачон ўша эртак ичида сайр қилдириб юрганди. Ибрат ҳаммасини кўриб тургандай бошқа гапирмади. Қизининг майин сочларини силаркан қўлининг дағаллашиб қолганини ҳис қилди. Малика уйқуга кетди. Хотини секингина уни ошхонага ундади: 
–    Дадаси, уй бекаси яна келди. Сизни кутиб-кутиб кетиб қолди. Ибрат билан энди жиддий гаплашмасам бўлмайди, деди.
–    Қўявер, шунақа қилиб қўрқитмоқчи бўлади-да. Уйини кўтариб кетмаймиз-ку, тўлаймиз-да. Сен ҳеч нарсани ўйлама. Яна битта дориси қолди, эртага шуни ҳам топишга ҳаракат қиламан. Сен ҳам чарчагандирсан. Бориб дамингни ол. Менинг ёзадиган нарсам бор. 
      Гулюз жажжи ҳолига касалликнинг аёвсиз зарбаларига бардош бераётган  дилбандининг олдига кетди. Ибрат даҳлиз деразасидан бошини чиқарди. Руҳи чиқиб кетгудек чуқур хўрсинди. Рўпарасидаги ўзига ўхшаб атрофни жим кузатиб турган дарахт ҳам болаларидан хавотирда.  Чунки кузнинг ёзга шивирлаётганини эшитиб қолганди...
 Тонг кўришиш учун қулочини кенг ёзиб келганида уйидан Ибратни топа олмади. Ибрат одам ва шовқин қайнаётган бозорда гоҳ унисининг юкини кўтариб мошинасига, гоҳ бунисининг юкини уйига олиб бориб берарди. Ўзидан аввал қорни кўзга ташланадиган, иккита енгил сумкани кўтаришни ўзига эп кўрмаган кишининг юкини машинасига элтиб берар экан, унинг телефондаги суҳбатини эшитиб қолди: 
–    Ваннанинг кафелини олиб ташланглар. Нақши ёқмади, айт, бошқачасидан қўйишсин. Нима? Қаёққа кетиб қолишади? Инжиқмишман? Ёқса шу, ёқмаса катта кўча. Бошқа уста топаман, – деб кафтидан икки баробар келадиган телефонини ҳамёнига солди. 
–    Кечирасиз, гапингизни эшитиб қолдим. Уста керакмиди? Шу ишингизни мен қилиб бера қолай. Сифатини кўрасиз, кейин пулини тўлайсиз.
У Ибратни бошдан оёқ кўздан кечирди: 
–    Бўпти. Нархини келишиб олайлик, метр квадратига ўн мингдан бераман, – деди.
Ибрат бунақа ишнинг кўча баҳоси икки-уч баравар қиммат эканлигини билса ҳам рози бўлди.  
–     Ака, шошилинч бўлмаса олтидан кейин ишласам, бошқа ишим ҳам бор эди. 
 Қоринбой афтодаҳол бир йигитнинг шартига кўнишни ўзига ор деб билаётган бўлса-да, бунақа арзон нархга бошқа уста топа олмаслигини ўйлаб рози бўлди. 
Ишда қоғоз унга, у қоғозга термулиб ўтирар, қўли қалам олишни истамас, калласи яна қандай қилиб қўшимча даромад топиш ўйлари билан ғужғон эди. Орада шеригига интернетдан ўша дорини топиб беришини илтимос қилди. Тушлик вақти бўлгач, кўчага чиқиб дорихоналарни излай кетди. Ҳаммасида бир хил жавоб: “Йўқ”. Қайтишда эшигининг жимжимадор чироқли ёзувлари ўзига имлаб турган, ойналари кум-кўк, замонавий услубда қурилган янги дорихонага кўзи тушди. Уларга ҳам қоғозни кўрсатди. 
–  Ҳа, бор.
 Ибрат ўзида йўқ қувониб, яратганга шукроналар айтди. 
–  Шунд