Шоҳрўз МӮМИНЗОДА: ҚАЙТИШ

ҚАЙТИШ

“Дуэл” сўзга, шеърга қайтиш бўлди. Бир қайтишки, шеъриятнинг қадрини баландлатадиган, нада шоирларни, балки шеър мухлисларинида саралайдиган...

Қайноқ давралар соғинчини ювиб юборган бу кечани  Шодмонқул Салом ва Носиржон Жўраевлар бошлаб берди ва кейинги ёш жуфтликларга қайсидир маънода ўрнак ҳам бўла олди. 

Навбатдаги жуфтлик умидли ижодкорлар Шаҳриёр Шавкат ва Нозима Ҳабибуллаевалар бўлди. Шаҳриёрнинг шеърлари томошабинлар эътиборини кўпроқ қаратди. Чунки, Носиржон Жўрайев айтганидек, Шаҳриёр шеърни ифодали ўқишда анча чархланган эди. Нозима Ҳабибуллаева шеърлари эса ниҳоятда оҳангдор. Мен ўзим учун яна бир шоирани кашф қилдим. Унинг шеърларидаги мусиқа атамалари ниҳоятда ўрнида қўлланган. Шеър устида кўп ишлангани, сўзларнинг чертиб-чертиб олингани дарров сезилади. Нозимада шеър руҳи, оҳанги ва шаклини бирдай жиловлаш кўникмаси шаклланаётгани маълум. Бу жуфтликда ҳакамлар ва томошабинлар томонидан Шаҳриёр Шавкат ғолиб деб топилди, мен эса Нозима Ҳабибуллаевага овоз бердим.

Учинчи жуфтлик университетимиз талабалари Шаҳзод Шодмон ҳамда Ҳумоюн Қувондиқов бўлди. Булардан бири ҳали катта давраларда шеър ўқимаган, Нозимага ўxшаб китоб чиқармаган ёки Шаҳриёр каби "Зомин" семинарида қатнашмаган. Қайсидир маънода шеърий майдонга қўйган илк қадамлар эди.Энди Шаҳзод ва Ҳумоюннинг шеърлари ҳақида шахсий мулоҳазаларимизни айтсак.

Ҳумоюн шеърлари ўзининг тушунарли, равон ва соддалиги билан томошабинлар эътиборини жалб қилди. Унинг шеърий маҳорати анча ошганлиги ҳар бир сатрда билинди. Шаклий ғализликлар деярли учрамайди. Ўз шаxсиятидаги ички сокинлик шеърларида ҳам акс этиб турибди.     Айниқса, "Қушлар" деган шеъри менга ёқди:

...Сизга айтсам гар ўзимдан,

Мен Атонинг боласиман.

Билинг юзим ҳам кўзимдан,

Мен Ҳаввонинг боласиман...

Xалқ достонларидаги содда оҳангларни эслатади. "Кунтуғмиш" достонидаги Гўркибойнинг ўз-ўзини таништириш жараёнига ўxшайди гўё. Ўз уйидаги фаровон ҳаётни мадҳ этиб, ўзга элларнинг ҳаётига тош отадиган маддоҳлардан эмас, балки бутун инсониятнинг оға-ини эканлигини эътироф этади, ўзгаларнинг ночор ҳолига ачинади:

...Мен яшайман баxтга тўлиб,

Эй воҳ, менинг қондош оғам.

Ўлим билан қўшни бўлиб,

Яшар қайда жондош оғам...

Ҳумоюнга шоирлик руҳининг юксак поғоналарига кўтарилишини тилаб қоламиз. Унинг инсонпарварлик ғоялари ва шеър ёзиш теxникаси таҳсинга лойиқ.
Ҳумоюннинг "дуэл"даги рақиби Шаҳзод Шодмонда ўзгаларга ўxшамайдиган қандайдир жунун бор. У ақлли фикр айтишга интилмайди, ўзидан комил инсон ҳам ясамайди:

...Бу ҳолимга ҳайрон боққан бори кимса

деса-десин: "Номусулмон!"

Ишқпарастман...

Унинг дуэл ҳақида айтган шеъри ҳам анча овоза бўлди. Айниқса, сўнгги банди:

Гўзал сени севса агарда,

Ошиқликни қилмайман талаб!

Ожиз билма, дуэл куни ҳам

Ўқ узаман ҳавога қараб.

Гарчи Шаҳзоднинг шеърий руҳи ўта баланд бўлса-да, айрим шеърлари устида ишламагани, таҳрир қилинмагани маълум бўлиб туради. Шу сабабли ҳам "дуэл" ғолиби бўлган Ҳумоюн Қувондиқовга овоз бердим.

Дуэлнинг кейинги босқичига танланган иштирокчилар ижоди ҳам анча залварли. Энди эса Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари кейинги дуэлни интизорлик билан кутишмоқда.

Шоҳрўз МӮМИНЗОДА
Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети талабаcи