ТАБИАТНИНГ ТИЛИ БЎЛМАЙДИ

ТАБИАТНИНГ ТИЛИ БЎЛМАЙДИ

(Шавкат Раҳмон шеърияти ҳақида)

Биз кўзимиз кўриб тургувчи дунёни табиат деймиз, у ҳақида шеъру достонлар ёзамиз. Борлиқ, аслида, биз ўйлагандай эмас, фақат биз унга гўзал ёки кўрксиз дея баҳо берамиз. Табиат Инсон борлиги учун мавжуд, уни кўриб турганимиз учун ҳақиқийдир. Табиатни ҳар ким турлича кўради: деҳқон унга қараб етиштирадиган ҳосили ҳақида ўйласа, чўпон мол-қўйларини боқиш, уларни тўйғизиш учун назар ташлайди. Ижодкор-шоир табиатга инсон тақдирига қарагандек аҳамият беради. Табиатнинг ҳар бурчакларидан инсонни, унинг ички олами билан боғлиқликни топади. Мана шундай шоирлардан бири Шавкат Раҳмондир. Аслида, унинг шеърияти мавзу жиҳатидан ҳилма-хил, аммо биз ундаги табиат мавзусини очиб беришга ҳаракат қилдик.

Масалан унинг "Уруш сурати" номли шеърида инсоний фожиа табиатнинг кўз илғамас ҳодисасига қиёсланган:

...қизлар қолар куз оғушида

унутилган мевалар каби.

– деб ўз миллатининг бокиралигича умри хазон бўлган қизларини кўрсатиб беради. Бунда шоир бахтсиз бўлган қизларни терилмай қолган меванинг совуқ ҳавода бужмайиб қолишидай тасаввур қилади. Дарҳақиқат, шеър ўз сарлавҳасига хос: сурат, яъни манзара тасвири – воқеанинг ўзи йўқ: бир лаҳзада бутун замон акс этган.

"Ёз равиши" номли шеърида эса бироз бошқача, унда манзара эмас, кайфият устунлик қилади:

Ялпизларнинг бўйин уфуриб

Шўх жилғалар водийга чопар.

Ҳовузларни ёпиниб олган

Қурвақалар жимликни қопар...

Шеърда қаламга олинган кайфият тобора теранлашаркан, у табиат билан уйғунлик ҳосил қилади. Бу, ўз ўрнида, ташқи муҳитга таъсир кўрсатади. Шунда шўх жилғалар кенгликка – водийларга интилади. Борлиқ ўзининг жавҳари бўлмиш инсонга жавобни қайтаргандек "қурвақалар садо чиқаради".

Шунда инсон туйғулари жунбишга келиб, борлиғини ҳаяжон ўти қоплайди ва руҳан янгиланади:

Қизиб кетар ой томирлари...

Тунда илиқ бўйлар таралар.

Бирдан қайноқ ёз оқиб келар

жимиб қолган боғлар оралаб.

Кўриб турганингиздек, борлиққа "оқиб келаётган ёз" инсон вужудига сингиб кетаётгандай туйилади. Ушбу шеърда сатрлар ортида беркитилган маъно ҳам йўқ. Табиат манзараси ва унга руҳан ҳамнафас бўлган инсон кечинмалари очиб берилган.

Шавкат Раҳмон тунни, айниқса, ёз тунларини чиройли чизади. Ортиқча ўхшатишларни қаторлаштириб ўтирмайди, шунчаки инсон кайфиятини табиат ҳодисаларига боғлиқ ҳолда кўрсатади. Шунда жонланган борлиқ инсон билан мулоқотга киришади. Буни қуйидаги шеъри мисолида кўрамиз:

Боғларда кўзларим қамашар

шохларга илинган ойлардан.

Тошларга урилган, шарқираб

юлдузлар оқадир сойларга...

Манзара мунтазам сайрга чиқиб тургич қаҳрамон тилидан айтилганга ўхшайди. Чунки у дарахт шохларида "ойлар"ни кўрган, яъни ой ўз ўрнини мунтазам ўзгартирган. Юлдузларни сойларга оқиб кетаётгандек тасвирлаш орқали шоир лирик қаҳрамон ички кечинмаларига юзданади.

...Тўлин ой очилган кўксида 

булутлар бағирдош топади.

Шабада – шух жувон – юракни

ўйнарка гоҳ очиб, ёпади...

Бизнингча, Ой ечинаётган қизга ўхшатиладию, номаҳрамнинг кўзи тушмасин учун булутларни кўксига ёпиб қўяди гўё. Лирик қаҳрамон эса бошини пастдан – "сойлардан" узолмай туради. Шу пайт эса юқорида айтилган ҳолат: "юлдузларнинг сойларда оқиб кетиши" юз беради. Эски уйларнинг яроқсиз деразалари шамолда очилиб-ёпилиб туради. Юракни ҳам шундай деразага ўхшатади, шабадани эса (лирик қаҳрамоннинг кўнглини олган) жувонга менгзайди. Бу жараёнда инсоний муносабатлар табиат ҳодисалари мисолида ташхис санъати орқали реаллаштирилган.

...Булутлар ўтлаган адирда

чиройли кундуздан кечаман.

Шаробдай тотимли бу тунни

томчилаб, томчилаб ичаман.

Адирларда ўтлаб юрган подани кўрганмиз: осмон кенгликларида қўйлар сурувидек тарқоқ булут парчалари ойдин тунда ажойиб манзара ҳосил қилади. Шоир қўллаган бу ташбеҳ санъати ўз ўрнини топиб қўйган. Кейинги сатрда шаробнинг бардавом лаззатини моҳирлик билан шеърга кўчирган ва сезимлар тасвирини кўз олидмизда яққол гавдалантирган.

Шавкат Раҳмон шеърларида ватан, унинг таърихи ва табиати бир-бирига қоришиб кетган ўринлари бор. Буни "Қумару" шеъри мисолида кўриш мумкин:

Йўллар қадим...

Тутлар қариган...

Сувлар симоб каби ялтирар.

Сукунатнинг теран қаърида

Уйғонмоқда саслар қалтираб...

Мазкур манзарада айтилаётган "йўлнинг қадимлиги"ни қари тутлар детали орқали исботлаган ва бу билан қадим ўтмишга, халқимиз босиб ўтган асрлар силсиласи ҳамда келажак орасидаги йўлга ишора қилган. Тириклик манбайи бўлмиш сув бир жойда узоқ вақт оқмай қолса, унинг юзасида ялтироқ ранг ҳосил бўлади (биз тарафларда ёғлама ранг дейишади). Демак, шоир сувнинг симоб каби ялтирашини айтиш орқали ҳаётнинг тўхтаб қолганини маълум қилади. Инсон юрагининг энг чуқур жойигача қабристон сукунати эгаллаган бу теран жимликда эса аҳён-аҳён сас-садолар чиқиб туради:

...Сукунатнинг теран қаърида

Уйғонмоқда саслар қалтираб –

деганда эркдан мосуво этиб тарбияланган авлод орасида туғилиб тургувчи қаҳрамонларга эътиборни йўналтиради ва шундай давом этади:

Асов кўнгил...

Эргашар андом,

қадим йўлдан қайга етаклар.

Қоронғилик қўйилар қандоқ,

қандоқ титрар эди чечаклар.

Юқоридаги бандда сас чиқарган "асов кўнгил эгалари"га вужудлар қадим йўлга – миллат йўли, мустақиллик йўли ва буюк истиқбол йўлига эргашиб боради. Бу сатрларни икки хил тушуниш мумкин: биринчидан, халқнинг қаҳрамонлар атрофида жипслашуви, иккинчидан, инсоннинг кўнгилга бўйсуниб, иймон-эътиқод йўлини тутиб яшаши. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, кўнгил амрига эргашган куйи инсон ички олами ёришиб боради, лекин шеърдаги манзара эса ўзгача:

...Қоронғилик қуйилар қандоқ,

қандоқ титрар эди чечаклар.

Чечаклар – қалби уйғониб келаётган авлод, Қоронғилик эса мустабид тузумнинг уларга қилаётган тазйиқлари. Шеърдаги метафоралардан биттасинигина тушуниш орқали калаванинг учи топилади ва умумий мазмун ойдинлашади.

Хулоса қиладиган бўлсак, шоир юқоридаги каби шеърларида табиат ва ўт-ўланлар ҳақида эмас, балки инсон ички олами, тафаккурининг янгиланиши ҳақида сўзлаётгани равшан бўлади-қолади. Ахир адабиёт марказида Инсон туради. Адабиётдаги мана шу умумий тушунчани ёза олган  ижодкорни эса биз умумжаҳоний деб сифатлаймиз. Шавкат Раҳмон ана шундай шоирлар турига киради. Чунки шеърларидаги табиат манзараси ҳар қайси миллат вакилига тегишли ва таъсирли бўла олади. Миллатчилик ва хусусийлик ҳодисалари бўлмайдиган образлардан бири Табиатдир. Табиатнинг эса тили бўлмайди.

Шоҳрўз МЎМИНЗОДА,

                                                                     Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти
                                                                      университети талабаси.